ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповга Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифига тайёргарлик кўрилаётганини хабар қилди.
“Биз Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифига тайёргарлик кўришда давом этмоқдамиз. Йирик ҳужжатлар тўплами ва ташрифнинг воқеаларга бой дастури тайёрланмоқда”, - деди Мишустин.
Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари ЕОИИ Иқтисодий комиссиясининг Қозонда бўлиб ўтаётган мажлиси доирасида учрашув ўтказишди.
Учрашувда Михаил Мишустин Россия президенти Владимир Путиннинг Шавкат Мирзиёевга саломини ва энг яхши тилакларини етказди. Арипов ҳам ўз навбатида президент Путин ва бош вазир Мишустинга Ўзбекистон президентининг саломини етказди.
Мишустин айтишига кўра, Россия Ўзбекистон билан қўшничилик муносабатларини юқори қадрлайди ва ҳар доим уларни янада юқори даражага кўтаришга интилади.
“2020 йилда коронавирусга қарамасдан, Россия Ўзбекистоннинг етакчи ҳамкорларидан бирига айланди. Ўзаро маҳсулот айирбошлаш 2019 йилга нисбатан 16%га ошиб деярли 6 миллиард долларни ташкил қилди”, - деди бош вазир.
Мишустин Ўзбекистон ва Россия ўзаро савдо ҳажмини 10 миллиард долларга етказишга қарор қилишганини эсга олди.