ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. 2021 йил январь-март ҳолатига кўра, аҳолининг умумий даромадлари 95,4 трлн сўмни ташкил этди. Бундан Давлат статистика қўмитаси рақамлари дарак бермоқда.
Аҳоли даромадлари бўйича реал ўсиш суръатларини ҳисоблашда нарх омиллари таъсирини чиқариб ташлаш мақсадида, инфляция кўрсаткичларининг асосий турларидан бири – истеъмол нархлари индексидан (ИНИ) фойдаланилади.
Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 9,8 фоизни ташкил этди.
2021 йил январь-март ойларида (уч ой давомида) аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми Тошкент шаҳри (6,3 млн сўм), Навоий (4,5 млн сўм), Бухоро (3,1 млн сўм), Тошкент (3,1 млн сўм) ва Хоразм (2,8 млн сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилгани кузатилди.
Шу давр мобайнида аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми энг қуйи кўрсаткичлари Наманган (1,9 млн сўм), Фарғона (2 млн сўм) ва Сурхондарё вилоятларида (2 млн сўм) бўлган.
2021 йил январь-март ҳолатига кўра, аҳоли жон бошига умумий даромадлар реал ўсиши 7,7 фоизни ташкил этди, 2020 йил январь-март ҳолатига эса бу кўрсаткич 5,6 фоизни ташкил этган.
Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Хоразм (11,2 фоиз), Самарқанд (10,7 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (9,0 фоиз) кузатилди.
Шу билан бирга, Тошкент (7,4 фоиз), Сурхондарё (6,9 фоиз), Жиззах (6,8 фоиз), Навоий (5,9 фоиз), Фарғона (5,0 фоиз), Сирдарё (4,7 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (3,4 фоиз) аҳоли жон бошига реал даромадларнинг пасайиши кузатилган.
Аҳолининг умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 66,1 фоиз улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) ва 27,7 фоизни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадлар сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган.
Ҳудудлар бўйича аҳоли умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг энг юқори улуши Навоий вилоятида кузатилди (80,8 фоиз). Аксинча, Самарқанд вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм, Сурхондарё, Наманган, Қашқадарё, Андижон, Фарғона вилоятларида ўртача республика даражасидан паст кўрсаткич қайд этилди.
2021- йилнинг январь-март ойларида аҳолининг умумий даромадлари таркибида республика ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмаларининг энг юқори улуши Самарқанд (25,6 фоиз) ва Хоразм (21,8 фоиз) вилоятларида кузатилди. Шунингдек, Андижон (21,2 фоиз), Сурхондарё (21,1 фоиз) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида (18,7 фоиз), Қашқадарё (18,6 фоиз), Наманган (17,7 фоиз), Бухоро (16,9 фоиз), ва Фарғона (15,9 фоиз) вилоятларида республика даражасидан юқори улушни ташкил этди.