Самарқанд вилояти Булунғур туманида бир нафар II жаҳон уруши қатнашчиси қолган

Самарқанд вилояти Булунғур тумани Ниёзмат қишлоғида истиқомат қилувчи Ўразали Пирманов Улуғ Ватан уруши бошланганида 4-синфда ўқирди.
Sputnik
1944 йилнинг ноябрь ойида эса уни урушга олиб кетишди. Ўшанда, 16 ёшли ўспиринни 18 ёшга кирган деб расмийлаштириб, қирғинбаротга жўнатишган.
– Катта пушкалар кечалари чироғини ёқмай юрарди, мени кўп уриб юборган, анча нарига учиб тушардим. Майиб бўлганман кўп марталаб, - деди Ўразали бобонинг ўзи урушнинг илк кунларини эслаб.
Бобо урушнинг залворли йилларида Беларусдан Берлингача бўлган масофани босиб ўтди ва 1947 йилда ватанга қайтиб келди.
Уразали Пирманов
– Бари одам ўлиб кетди у ёқда... Қишлоғимиздан кетган йигитлардан 3 киши қайтганмиз, холос, - дейда ветеран соддалик билан.
Ўразали Пирманов 1944 йилда Чирчиқ шаҳрида 40 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтгач, маршал Г.К.Жуков қўмондонлигидаги Биринчи Беларус фронтига юборилди. Мото-ўқчи полки таркибида Беларуссия, Польша ва Германиянинг бир қисмини фашист босқинчиларидан озод қилишда иштирок этди. Орзиқиб кутилган буюк ғалабани Берлин атрофидаги Бранденбург шаҳрида кутиб олди. Соғлигида муаммо пайдо бўлгач, Ленинград шаҳридаги ҳарбий госпиталда даволанди ва 1947 йилда оддий аскар Пирманов захирага бўшатилди.
Урушда кўрсатган мардлиги ва жасорати учун Иккинчи даражали Улуғ Ватан уруши ордени, "За отвагу" медали, "За победу над Германией в Великой Отечественной войне 1941—1945 гг." медали, Ғалабанинг 20, 30, 40, 50, 60, 70 йиллиги учун, "70 лет Вооружённых Сил СССР"юбилей медаллари ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги кўкрак нишон билан билан тақдирланган.
Собиқ жангчи анчайин мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтди.
Урушдан қайтиб, 1947-1954 йилларда Булунғур тумани Красногвардейск колхозида оддий ишчи, 1954-1962 йиллар давомида Булунғур туман Молия бўлими инспектори лавозимида, 1962-1970 йилларда тумандаги 11-ўрта мактабда хўжалик ишлари бўйича мудир, 1970-1986 йилларда Булунғур туманидаги Красногвардейск совхозида оддий ишчи бўлиб ишлади. Мана шу жараёнда уйланди, икки нафар фарзандли бўлди... Ҳаётнинг аччиқ-чучугини ҳам тотди. Турмуш ўртоғи Пирманова Муслима 1963 йил вафот этди.
Уразали Пирманов
Шунга қарамай, Ўразали Пирманов ҳаётда ўз йўлини йўқотиб, довдираб қолмади. У бир умр қувноқ бўлган ва ҳалигача ҳазилни канда қилмайди.
– Нечага киргансиз, отахон?
– Бир юз қирқдаман!
– Бобо, адашдингиз, энди юз ёшга киряпсиз, - деб чуғурлайди эваралар.
– Нечига кирганимни шу ёшни яшаган мен биламанми, сен биласан? - дейди бобо қийналиб гарпирар экан.
Албатта вақт ҳеч кимни аямайди. Ўразали бобо гапиришга қийналади... Хотира ҳам инсонга унча содиқ эмаслигини англаганимиз ҳолда, эҳтиёткорлик билан уруш эсида қолган-қолмаганини сўраймиз.
– Нега қолмайди? – дейди бобо, - Ҳар куни тушимда урушни кўриб чиқаман... Бухоролик Шомурод деган дўстим бўларди, ҳеч эсимдан чиқмайди. Чўчқа гўшти емасди, хат ёзишни ҳам билмасди. Хотинига хатни мен ёзиб берардим... Жангларда ҳар доим ўша дўстим ёнимда эди. Уни кўп эслайман. У ҳам урушдан омон қайтган эди…
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши учун ким "пул тиккан". Махфий ҳужжатлар ошкор бўлди
Бобо узуқ-юлуқ хотиралари билан ўртоқлашади;
"Жанглар давомида немис фашистлари мағлубиятга учраганини билиб, “Гитлер капут” деб таслим бўлар ёки орқасига қараб қочар эди".
"Берлинни эгаллаш вақтида 15 кун шу шаҳарда бўлдик. Берлинни эгаллашда асосан ҳаво кучлари ва артиллерия кўпроқ иштирок этган".
"Польшадан чиқиб, Берлингача пиёда борганмиз. Уруш даврида мени қийнаган асосий нарса - ҳеч бир аскар ухламас эди. Озиқ-овқатдан кўп қийналмаганмиз, лекин дам олмасдан, уйқусизлик билан жангларда иштирок этар эдик".
"Уруш тугагандан кейин Берлин шаҳри атрофида жойлашган баллистик ракета ишлаб чиқарадиган заводни 8 ой қўриқладик. Ўша вақтларда мен ошқозон касаллиги билан ҳарбий госпиталда ётдим ва кейин уйга жавоб беришди. Ушбу заводнинг СССР ҳудудига олиб келинишида қатнашганман".
"Уруш вақтида жанг ҳаракатлари билан бирга қизиқ воқеалар ҳам кўп бўлар эди. Батальонимизда кўп қизиқчиликлар қилганман. Рус тилини яхши билмаганлигим сабабли менинг рус тилидаги гапларим кулгили чиқарди".
"Бугунги замонга шукр қилиб, биздан кейингилар уруш кўрмасин деб ният қиламан. Ўшанда 17 ёш эдим. Инсон таналарининг парчаланиб кетиши, бомбалар портлаб, инсон аъзоларининг узулиб, қимирлаб ётишларни кўриш азоб эди".
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 12 млн сўмдан пул мукофоти берилади
"Тунда мина портлаб, елкамга осколка теккан, ҳалигача оғрийди".
Бу инсонни 76 йиллик тан жароҳати ҳамон безовта қилади, кўнгил жароҳатларини эса айтмаса ҳам бўлади. Хотира ҳақида бироз адашибмиз… Бунақа воқеалар ҳеч қачон инсон хотирасидан ўчмайди!
1956 йилда туғилган ўғли Пирманов Абдулҳай;
– Отам кўп қийинчиликларни кўрган, меҳнаткаш инсон. Уруш ҳақида кўп гапириб берадилар.
Узоқ яшаш сири билан ҳам қизиқамиз. Бобонинг ўрнига “Ниёзмат” маҳалласи раиси жавоб беради:
– Кўп сўраганмиз... Ўразали ака адирликлардан гиёҳ териб еб, чойга солиб қайнатиб еб, шуларнинг ҳисобига узоқ умр кўрганларини айтадилар.
Бу уруш қатнашчисининг умр йўлига қараб, ҳаётда барибир ҳаммаси адолатли ва ҳаққоний ҳал бўлишига ишониб кетасан: Ўразали 16 ёшида урушга кетмаслиги, 17 ёшида ҳар куни юзлаб марта ажал билан юзма-юз келмаслиги, 21 ёшида касалланмаслиги керак эди. Бироқ шундай бўлди. Бир боқишда ҳаммаси адолатсизликдай, тақдир у билан ҳазиллашаётгандай эди. Бироқ...
Ветеран Уразали Пирманов
Ажал остонасидан омон қайтди... Икки нафаргина фарзанди бор эди, 100 дан ортиқ невара-эварали бўлди. Табаррук ёшларга етди...
Тақдир бу сўнгги жангчига нисбатан қилган ҳақсизликлар товонини тўлаб бераётгандай, гўё.