ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Ўзбекистон Россия билан минтақа хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.
Бу ҳақда республика мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан музокаралар давомида маълум қилди.
“Биз Россия билан стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларимизни аниқ амалий мазмун жиҳатдан тўлдириш билан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларимизни янада чуқурлаштиришдан манфаатдормиз. Шу билан бир қаторда таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон, шунингдек, Россия Федерацияси билан мудофаа ва минтақа хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор”, - дея Қурбонов сўзларидан иқтибос келтирган РИА Новости.
Қурбонов икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорликнинг янги сифатли даражасига кўтарилганини қайд этди.
“Бугун Россия Ўзбекистоннинг йирик савдо ва инвестиция ҳамкоридир”, - дея қўшимча қилди у.
Республика мудофаа вазирининг сўзларига кўра, пандемияга қарамасдан, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда.
Қурбонов сўнгги йилларда икки давлат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар фаол ривожланиб бораётганини урғулади.
Музокаралар чоғида Қурбонов россиялик ҳамкасби Шойгуни унинг фаолиятидаги ўта муҳим сана – “30 йил Россия ҳукумати таркибида Ватанга хизмат қилиши” билан қутлади.