ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Бугун, 27 апрель куни, Тошкент шаҳрига Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинаси иккинчи компонентининг 50 минг дозаси келтирилди. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар қилди.
Хабарда ёзилишича, 28 апрелдан республикада аҳолини “Спутник V” вакцинасининг биринчи компоненти билан эмлаш бошланади.
“Умид қиламизки, бу Ўзбекистонга эпидемияни тезроқ енгишига, карантин чекловларини бекор қилишига ва одатий ҳаётга қайтишига ёрдам беради”, - дейилган элчихона хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 23 апрель куни Ўзбекистонга "Спутник V" вакцинасининг дастлабки партияси олиб келинган эди. Ўзбекистон Россиядан 1 млн доза вакцина харид қилишни режалаштирган. Бу билан 500 минг нафар аҳолини тўлиқ эмлаш кўзда тутилган.