ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
Эртага у ўзбекистонлик ҳамкасби Баҳодир Қурбонов билан музокара ўтказади. Учрашув Бухорода бўлиб ўтади.
Халқаро ва минтақавий хавфсизлик, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун Сергей Шойгу Тожикистонга ташриф буюрди. У ерда мамлакат президенти Эмомали Раҳмон қабулида бўлди. Учрашувда минтақавий хавфсизлик ва КХШТ мудофаа вазирлари кенгаши доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Сергей Шойгу КХШТ давлатлари мудофаа вазирлари кенгашининг йиғилишида қатнашди ва Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо билан икки томонлама музокаралар ўтказди.