ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ва боғчаларда 27 апрелдан бошлаб онлайн таълим бериш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларида коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари кейинги кунларда бир неча баробарга кўпайган.
Шу боис шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссиясининг қарори билан шаҳардаги барча мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида 14 кунлик карантин жорий этилди.
27 апрелдан бошлаб ўқувчиларга онлайн таълим бериш тизими йўлга қўйилади.
Ҳокимлик муассасаларга кириб-чиқувчилар орасида карантин даврида коронавирусни юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмаса, таълим бериш тизими анъанавий йўлга қўйилишини қўшимча қилган.