Тадбиркорлар йўлларга камераларни қай тартиби ўрнатиши мумкинлиги белгиланди

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларнинг бошланғич нархи 735 минг сўмдан 8 миллион 575 минг сўмгача белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 апр - Sputnik. Тадбиркорлар томонидан қоидабузарликларни аниқлаш учун камералар ўрнатиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарорига таянган ҳолда ЎзА хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокацияси ишлаб чиқилади ҳамда “E-IJRO AUKSION” платформаси орқали онлайн аукционга қўйилади.
Тадбиркорларга йўлларда радар ва камера ўрнатишга рухсат берилади
Тизим ўрнатилиши мумкин бўлган жой дислокацияси, мазкур ҳудуддаги транспорт оқими ва охирги 2 йилда аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилинади.
Ўрнатиладиган жойларнинг бошланғич нархи 735.000 сўмдан 8.575.000 сўмгача белгиланди.
Тизим ўрнатилгач 10 кун давомида синов тариқасида ишлатилади ва бу даврда қайд этилган қоидабузарликлар бўйича жарима ундирилмайди.
Тадбиркорлик субъектларига тизим ишга туширилган кундан бошлаб 1 йил давомида қайд этилган қоидабузарликлардан ундирилган жарима суммасининг 50 фоизи, ишга туширилганидан 1 йил ўтгач эса 25 фоизи ўтказиб берилади.