ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси, ибратли устоз, фидойи инсон Ҳасан Нормуродов 82 ёшида вафот этди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сал аввал давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев шифохонага бориб унинг аҳволидан хабар олган эди.
Каттақўрғон туманидаги маърифатпарвар оилада туғилиб ўсган Ҳасан Нормуродов ота-онадан олган яхши тарбия ва илмга бўлган иштиёқи туфайли ўрта мактаб ва педагогика техникумида аъло баҳоларга ўқиди. Ташкилотчилиги ва одоби билан кўзга ташланди. Мактабда озроқ ишлагач, ҳарбий хизматни ўтаб, Самарқанд давлат университети филология факультетида таҳсил олди.
Шундан кейин фидойи, интилувчан муаллимнинг ҳаёти таълим-тарбия билан боғланди. Дастлаб қишлоқ мактабида тил ва адабиёт фани ўқитувчиси, кейинчалик ёшлар етакчиси бўлиб ишлади. Бир муддат туман ёшлар қўмитасини бошқарди.
Ҳ.Нормуродовдаги ғайрат ва тажрибага ишонч билдириб, уни партия ишига ўтказишди. Бу соҳада ҳам Ҳасан Норбекович тезда назарга тушди. Вилоят партия қўмитасида бўлим мудири бўлди. Жомбой туманида иккинчи, вилоят партия қўмитасида учинчи котиб ва Нарпай туманида биринчи раҳбар сифатида фаолият кўрсатди.
Ҳ.Нормуродов шундан сўнг вилоят халқ таълими бошқармасига, фан ва таълим ходимлари касаба уюшмалари кенгашига раҳбарлик қилди. Қарийб ўн йил давомида "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимини бошқарди. Самарали фаолияти эвазига "Меҳнат шуҳрати", "Эл-юрт ҳурмати" орденларига сазовор бўлди. Ва ниҳоят 2019 йилда Ҳасан Норбековичга мамлакатдаги ислоҳотлардаги самарали хизмати учун Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилди.
Ҳасан Норбекович бутун умри давомида меҳнатсеварлиги, ҳалоллиги, эл ишига камарбасталиги туфайли жамоатчиликка ибрат бўлиб яшади. Юзлаб шогирдлар тайёрлади. Давлат раҳбарининг назарига тушди. Халқ ўртасида обрў топди. Сафдошларини, ёшларни доимо мамлакатдаги буюк ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этишга чорлади, бу борада ўзи намуна бўлди. Халқнинг чинакам оқсоқолига айланди.
Ҳ.Нормуродов Самарқанд жамоатчилигининг фахри эди. Шу сабабли ҳам бу фидойи инсоннинг табаррук номи уни билган, у билан ишлаган барча юртдошларимиз қалбида узоқ вақт сақланиб қолажак.
Эркинжон Турдимов