ТОШКЕНТ, 24 апр - Sputnik. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан баёнот эълон қилди.
Идора сал аввал ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларнинг ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари фақат Россия Федерацияси меҳнат бозорига боғланиб қолгани ҳақидаги фикрларига жавобан қуйидагиларни маълум қилган.
"Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан дунёнинг ривожланган давлатлари меҳнат бозори доимий ўрганилиб, мавжуд бўш иш ўринларига хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимизни ишга жалб қилиш бўйича қатор натижаларга эришилмоқда. Хусусан, бугунги кунда Россия ва Қозоғистондан ташқари Германия, Буюк Британия, Япония, Польша, БАА, Болгария, Туркия, Чехия, Латвия, Қувайт каби ривожланган давлатларнинг салоҳиятли иш берувчи ташкилотлари билан Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш бўйича тўғридан-тўғри 29 та аниқ келишувлар имзоланган".
Вазирлик дунёнинг ривожланган давлатлари меҳнат бозорига чиқиш учун фуқаролардан рақобатдош касбий малакага эга бўлиш ва чет тилларини билиш талаб этилишини эслатиб ўтган.
"Бунинг учун хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимиз учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги республикамизнинг барча ҳудудларидаги мономарказлар, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва 136 та маҳаллалардаги касб ҳунар масканларида 5 та чет тиллари ва 25 та йўналиш бўйича касбларга тайёрлаш марказлари ташкил этилган бўлиб, ишсиз ва банд бўлмаган фуқаролар учун ушбу марказлардаги ўқув-курслари бепул амалга оширилмоқда", - дейилади хабарда.
Хусусан, Россия, Қозоғистон, Корея, Литва, Саудия Арабистони, БАА ва бошқа давлатларга қурилиш, транспорт хизматлари, йўловчилар ва юк ташиш, коммунал хизмат, савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат, қишлоқ хўжалиги сингари соҳаларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 2019 йилда 4,4 мингта, 2020 йилдаги пандемия шароитида 10,3 мингта, жорий йилнинг биринчи чорагида эса 9,5 мингта фуқаро ташкиллаштирилган ва манзилли тартибда ишга жалб қилинган.
Ҳозирги вақтда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги асосий мақсад, рақам ортидан қувиш эмас, балки дунё меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш ва хорижда ишлаш истагида бўлган юртдошларимизни хавфсиз, тартибли ва қонуний иш билан таъминлашдир, дея хотима қилган Меҳнат вазирлиги.