ТОШКЕНТ, 24 апр - Sputnik. Марказий банк банк карталари эгаларини огоҳликка чақирди.
Мобил телефонга келган бир марталик SMS-код, мобил иловалар, веб-иловаларга кириш ҳуқуқини берувчи логин ва пароллар банк ходимлари томонидан сўралмаслиги, шу боис ҳеч кимга бундай маълумотларни бермаслик зарурлиги тўғрисида ижтимоий тармоқлар, телевидение, расмий манбалар орқали доимий огоҳлантиришлар бериб борилмоқда.
Шунга қарамай, фуқаролар орасида фирибгарларнинг психологик таъсирига тушиб, алданиб қолиш ҳолатлари учрамоқда.
Қўл телефонингизга қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк, тижорат банки, тўлов ташкилоти ёки тўлов тизими операторининг номидан хавфсизлик, пластик карта, мижозларни қўллаб-қувватлаш ёки бошқа бўлим ходими деб таништириб, мобил иловангиз бузилгани, банк картангиз блок ҳолатига тушгани, картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани ва шу каби турли уйдирмаларни келтирган ҳолда дарҳол чора кўрилмаса, барча маблағлардан айрилиши ҳақида айтиб, фирибгарлар томонидан ижтимоий инженерингни қўллаган ҳолда турли психологик босим ўтказишга уриниш ҳолатлари шулар жумласидандир.
Марказий банк турли фирибгарлик йўли билан банк карталаридаги пул маблағлари ечилишига йўл қўймаслик мақсадида фуқароларни огоҳлантиради.
"Ҳеч қачон телефонингизга келган банк карталари билан боғлиқ бир марталик юборилган SMS-кодни, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларига кириш ҳуқуқини берувчи логин ва паролларни ҳеч қандай шахсларга айтманг. Улар сиздан олган маълумотлар (SMS код, логин ва порол ва ҳ.к) орқали банк картангиздаги пул маблағларини кўчириб олиш ёки сизнинг рухсатингизсиз бошқариш имконини қўлга киритади. Фирибгарларнинг бу каби ҳийлаларига алданиб қолманг", - дейилади МБ мурожаатида.