Россияда 1-10 май узлуксиз дам олиш кунлари деб эълон қилинди

Эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашувини олдини олиш мақсадида Россияда 1-10 май узлуксиз дам олиш кунлари деб эълон қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 апр - Sputnik. Россия президенти Владимир Путин май ойининг бошида 10 кун дам олиш куни эълон қилди. Россия президенти Роспотребнадзор раиси Анна Попова билан учрашувдан сўнг ушбу қарорга келган.
"Агар сизнингча бу керак бўлса - майли шундай бўла қолсин. Бугун таалуқли фармонни имзолаймиз", - деди Путин.
Попова хулосасига кўра, фуқаролар шаҳарлар орасида ёки шаҳар ва дала ҳовли орасида ортиқча ҳаракатланганда коронавирус тарқалиши ҳолатлари кўпайиши ва эпидемиологик вазият ёмонлашиши мумкин.
Иш календарига кўра Россияда 2021 йилда 1-3 май ва 8-10 май кунлари расмий дам олиш кунлари деб белгиланган эди. Президент фармони имзоланганидан сўнг 1 - 10 май кунлари узлуксиз дам олиш кунлари бўлади.