ТОШКЕНТ, 21 апр – Sputnik. Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги якшанба куни ўтказилган мажлис учун, унда иштирок этган барча ходимларнинг иш жойларига хат юборди. Бу ҳақида вазирлик телеграм каналида хабар қилинган.
Маълум бўлишича, бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида 18 апрель якшанба куни соат 18:00да қишлоқ ҳўжалиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ушбу йиғилишда вакиллари иштирок этган барча ҳокимият, вазирлик ва идораларга - дам олиш кунида ходимларни ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огохлантириш хатлари берилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунларида ходимлар ишга жалб қилинганда уларга мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган, лекин камида икки ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланиши лозим.
Иш вақтидан ташқари ёки дам олиш кунида ишга жалб қилинган ходимларга иш соатларига мутаносиб равишда отгул (қўшимча дам олиш куни) берилган бўлса, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.
Шу билан бирга вазирлик, меҳнат муҳофазаси соҳасида қонун бузилишлари содир бўлганда вазирликнинг ишонч телефонига +71-200-06-00, 1176 қисқа рақамига ёки www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишни сўради.