ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Кореянинг “Hanshin Engineering & Construction” компанияси Қўқонда К-Town мажмуасини барпо этади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу мажмуа остки қисмида икки қаватли автотураргоҳлар мавжуд 9-16 қаватли турар-жойлар, мактаб, болалар боғчаси, парклар, яшил майдонлар, спорт майдончаларини ўз ичига олади.
2021 йил август ойида тамал тоши қўйиладиган мажмуа лойиҳаси 4 босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугунги кунда турар-жойларга талаб кун сайин ортиб бораётганини қайд этди ва мажмуа қурилиши сифатига таъсир этмаган ҳолда амалга ошириш даврини қисқартириш бўйича мулоҳазаларини билдирди.
1950 йилда ташкил этилган Hanshin Engineering & Construction компанияси, Кореяда кўплаб йирик лойиҳаларни, шу жумладан Инчхон аэропорти лойиҳасини амалга оширган. Компания Саудия Арабистони, Хитой, Кувайт, Камбоджа, Филиппин ва бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам йирик қурилиш лойиҳаларини амалга оширган.