ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Тошкент шаҳрида “Nexia-3”ва “Matiz” автомобиллари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
ЙТҲ 19 апрель куни соат 23:30 ларда Беруний кўчасида, “Тинчлик” метро бекати олдида содир бўлган. Тўқнашиш оқибатида Самарқанд вилоятидан бўлган 23 ёшли “Nexia-3” ҳайдовчиси А.З. ва 25 ёшли “Matiz” ҳайдовчиси Б.Н. ҳалок бўлган. “Nexia-3” йўловчиси 24 ёшли М.Т. тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, “Nexia-3” ҳайдовчи жуда катта тезликда ҳаракатланган. Натижада эса қарама-қарши йўл чиқиб кетиб, “Matiz”га бориб урилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.