Тошкент вилоятида бирданига 10 дан зиёд мактаб карантинга олинди

Мазкур мактабларнинг 30 нафар ўқувчилари ҳамда 25 нафар ўқитувчиларда коронавирус аниқланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Тошкент вилоятидаги 14 та мактаб ва 15 та синф карантинга олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўрта Чирчиқ туманидаги 3, 54-сонли мактаблар, Бўка туманидаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби, Чирчиқ шаҳридаги 8, 9-сонли, Пискент туманидаги 36-сонли, Паркент туманидаги 22,51-сонли, Тошкент туманидаги 9,12,17,18-сонли ҳамда Олмалиқ шаҳридаги 17-мактаб, Нурафшон шаҳридаги 1-сонли мактаблар ўқиш жараёнларини тўлиқ онлайн олиб боришяпти.
Шунингдек, Ўрта Чирчиқ туманидаги 50-сонли умумтаълим мактабининг 3 та синфи, Бўка туманининг 6-мактабнинг 8 та синфи ва 15-мактабнинг ҳам 1 та синф, Зангиота туманидаги 34 сонли умумтаълим мактабининг 3 та синфлари онлайн режимига ўтказилган.
Коронавирус аниқланган 3та ОТМ онлайн таълимга ўтди
Мазкур мактабларнинг 30 нафар ўқувчилари ҳамда 25 нафар ўқитувчиларда коронавирус аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, махсус комиссия йиғилишида Абдулла Арипов коронавирус 11-15 фоиз ҳолатда умумий ўрта таълим муассасаларида қайд этилаётганини маълум қилган эди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев тақдим этган маълумотларга кўра, 14 ёшгача бўлган болалар мамлакатда коронавирус билан касалланаётганларнинг ўртача 13-15 фоизини ташкил этади.