Олтинчи муддатга қайта сайланган Чад президенти жангда олган жароҳатдан вафот этди

Чад етакчиси ўтган дам олиш кунлари бўлиб ўтган жанговар ҳаракатлар вақтида жуда қаттиқ жароҳат олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Чад президенти Идрисс Деби Итно 20 апрель, сешанба куни, исёнчиларга қарши жанговар ҳаракатлар вақтида олган жароҳатдан вафот этди. Бу ҳақда “Agence France Press” нашри Чад давлат телевидениесига таянган ҳолда хабар қилди.
“Президент ва олий бош қўмондон Идрисс Деби Итно ҳозиргина вафот этди ”, - деган эфир вақтида Чад армиясининг расмий вакили полковник Азема Бермандоа.
Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари ўтган дам олиш кунлари бўлиб ўтган жанговар ҳаракатлар вақтида жуда қаттиқ жароҳат олган. Ўша куни Идрисс Деби Итно мамлакат пойтахти Нжаменадан шимол тарафда исёнчилар бўлинмаларини йўқ қилиш амалиётига раҳбарлик қилган.
Аввалроқ 20 апрель куни Чад мустақил миллий сайлов комиссияси мамлакатни 1990 йилдан бери бошқариб келаётган генерал Идрисс Деби Итно 11 апрель куни мамлакатда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозонганини эълон қилган эди. У сайловчиларнинг 79,32 фоиз овозини олиб, олтинчи муддатга қайта сайланган.
“Чаддаги ўзгариш ва иноқлик фронти” қуролланган исёнчи гуруҳ бўлинмалари Ливиядаги базаларидан чиқиб, сайловлар куни 11 апрелда Чад ҳудудига бостириб кирган. Уларни ҳукумат қўшинлари тор-мор этган. Жангда 300 нафардан зиёд исёнчи ўлдирилган, яна 150 нафари асирга олинган. Амалиётга президентнинг шахсан ўзи раҳбарлик қилган. Жанг вақтида давлат раҳбари қаттиқ яраланган.