Инсон уч босқичда қарийди - олимлар тадқиқоти

Инсон организми уч босқичда қарийди - 34, 60 ва 78 ёшида. Инсон қариши қон таркибидаги оқсиллар ўзгаришига боғлиқ.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Американинг Стенфорд университети олимлари таъкидлашига кўра, инсон танасининг қариши бу тўхтовсиз жараён эмас, инсон уч босқичда қарийди.
Шу кунга қадар одамлар ва шифокорлар инсон организми ҳар куни оз-оздан кексайиб боради деб ўйларди, лекин америкалик олимлар ҳақиқатда бундай эмас деб таъкидлашмоқда.
Бунга Стенфорд унинверситетининг 16 нафар мутахассисдан иборат олимлар жамоаси яқинда ўтказган тадқиқоти асос бўлди. Улар 18 ёшдан 95 ёшгача бўлган 4263 нафар кишилар организмини синчиклаб ўрганиб чиқиши натижасида, инсон қон пламасида оқсиллар кескин фарқ қиладиган учта гуруҳни аниқлашган: 34 ёшдан юқори, 60 ёшдан юқори ва 78 ёшдан юқори.

“Биз қон таркибида бўлган 3000 дан ортиқ оқсил турларини ўрганиб чиқиб, улар 34, 60 ва 78 ёшда тўлқинсимон ўзгаришини аниқладик. Бундан биз инсон организми уч босқичда биологик қариши ҳақида хулоса қилдик”, - дейилган “Nature Medicine” журналида чоп этилган мақолада.

Ҳозирча қондаги ўзгаришлар ва инсон ёши бир-бирига қандай боғлиқлиги механизми маълум эмас. Лекин келажакда олимлар буни аниқлаши ва кекса ёшда учрайдиган айрим касалликлар, масалан Альцгеймер касаллиги, юрак-қон томирлари касаллиги ва бошқаларни олдини олиш мумкин бўлади.