Кексалар ва болаларга таровеҳ намозларини уйда адо этиш тавсия этилди

Эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, намозларни очиқ ҳавода ўтказиш, ёши катталар ва болалардан - уйда адо этиш сўралди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Эпидемиологик вазият ва хавфларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси масжидларда ўқиладиган оммавий намозларга оид бир қатор тавсияларни эълон қилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Тошбоев ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий У. Алимов бошчилигида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ваТошкент шаҳар вакиллари ҳамда туман ва шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда республика ҳудудидаги барча масжидларга қуйидаги тавсиялар берилди:
Рамазон ойида таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда (айвонлар, масжид ҳовлиси,масжидга туташ ички кўчаларда) адо этиш;
Таровеҳ намозларини амалга оширишда 65 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар, ёш болалар ҳамда сурункали касаллиги мавжуд шахслар ибодатларни уй шароитида амалга ошириш;
Ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки иштирокчилар сони чекланган ҳолда, ихчам, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз ўтказиш;
Ҳар бир намозхон масжид ичида ва намоз давомида тиббий ниқоб таққан ҳолда бўлиши ва масжидга киришда дезинфекция воситасидан фойдаланиши;
Масжид ва намозхоналар ҳар кунлик дезинфекция қилиш, кириш-чиқиш жойларини пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич), антисептик воситалар билан жиҳозлаш;
Эслатиб ўтамиз 17 апрел куни бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Коронавирусга қарши кураш Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистонда сўнгги кунларда эпидемиологик вазият ёмонлашгани ва шу сабабли Мактаб ва олийгоҳларда, жамоат транспорти ва оммавий тадбирларда карантин қоидаларини кескин кучайтирилиши айтиб ўтилган эди.