ТОШКЕНТ, 19 апр – Sputnik. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги арафасида Ўзбекистон бўйлаб махсус танлов ўтказилади, деб хабар қилди Мудофаа вазирининг маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси, "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси бошлиғи, полковник Шуҳрат Юсупов АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
“Ёшлар ўртасида ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати, сабр-матонати, мардлиги, ватанпарварлигини тараннум этувчи ижодий ишлар танлови эълон қилинди.
Кўрик-танлов Бадиий академия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирилиги, Халқ таълим вазирлиги, Фанлар академияси Санъатшунослик институти, "Ҳунарманд" уюшмаси билан ҳамкорликда ўтказилади ва ғолиблар 9 май куни эълон қилиниб, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида тақдирланади”, - деди Юсупов.
Ундан ташқари “Ғалаба боғи”да 20 апрелдан 20 майига қадар “Уруш номинг ўчсин жаҳонда!” мавзусида ижодий ишлар кўргазмалари ташкил этилади.
Иккинчи жаҳон уруш жараёнларини, уруш қатнашчилари ҳамда фронт орти фахрийларининг фидойилигини акс эттирувчи виделавҳалар, қисқа метражли фильмлар ва бошқа материаллардан тунги видео-панорама шоуси ташкиллаштириш устида иш олиб бораяпмиз.
Шунингдек, 2021 йил 30 апрел куни Марказий Осиё халқлари тарихи ва хотирасида Иккинчи жаҳон уруши: воқеалар, иштирокчилар, рамзлар" мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича тайёргарлик кўрилмоқда. Анжуман Мудофаа вазирлиги Халқаро ҳарбий ҳамкорлик бош бошқармаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва тегишли идора, ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил қилинади.