ТОШКЕНТ, 17 апр - Sputnik. Ўзбекистон вилоятлари бўйлаб яна 10 та Президент мактаблари қурилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова Sputnik Ўзбекистон мухбири билан интервью давомида маълум қилди.
Ушбу янги очилаётган президент мактабларига ҳамда ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга малакали педагогларни жалб этиш мақсадида job.piima.uz сайти яратилган ва 16 апрель куни сайт тақдимоти бўлиб ўтган.
Ушбу сайт орқали ўқитувчилар Агентлик тизимидаги мактаблардаги бўш иш ўринлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишлари ҳамда мавжуд вакант бўйича ишга ҳужжат топширишлари мумкин.
Агентлик ахборот хизмати рахбари Дилфуза Собированинг маълумот беришича, айни вақтда сайтда бўш иш ўринлари билан танишиш ва ишга кириш учун электрон анкета тўлдириш имкониятлари йўлга қўйилган.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига малакали педагог ходимларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини татбиқ этиш йўли билан тизимда кадрлар сиёсатини шакллантиришнинг замонавий тамойилларини жорий этиш вазифаси юклатилган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Job.piima.uz сайтига ташриф буюрувчилар ҳозирда фаолият юритаётган президент, ижод ва ихтисослаштирлиган мактаблардаги бўш иш ўринлари ҳамда вилоятларда янги очиладиган президент мактабларига ишга қабул қилишнинг босқичларида иштирок этишлари мумкин.
Ушбу сайт ёрдамида Ўзбекистон аҳолиси президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблардаги бўш иш ўринлар ва лавозимга қўйиладиган талаблар билан танишишлари, анкетани сайтнинг ўзида тўлдиришлари ва фильтрациядан ўтгач, талабгорларга смс-хабарнома юборилиши ҳам йўлга қўйилган.
Ушбу веб-сайтни ишга тушириш орқали президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ходимларни тўғри танлаш ва ишга олишда ҳамда талабнома берувчилар ўртасидаги танловда шаффофликни таъминлаш биринчи ўринга қўйилган.