Ҳаммаси Москванинг “ўзини тутишига” боғлиқ: немислар “Шимолий оқим-2”ни тўхтатадими?

Экспертлар хулосасига кўра, газ қувури қуриб битказилади, лекин уни тўлиқ ишга туширишмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik, Ксения Мельникова. АҚШ Германия билан Дональд Трамп даврида бузилган муносабатларини тиклашга қарор қилди. Пентагон раҳбари Берлинга учиб келиб у ердаги АҚШ аскаралри сонини оширишга буйруқ берди ва шу билан бирга АҚШ маъмурияти “Шимолий Оқим-2”га мутлақ қарши эканини билдирди. Унинг ташрифидан сўнг немислар лойиҳа қурилишини тўхтатишди.

Америкача таъзим

Германия “Шимолий Оқим-2” қурилиши борасида АҚШ фикрига қулоқ солади. Хусусан, лойиҳани қуриб битказишга мораторий киритади. Бу ҳақида Германия мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг маълум қилди.
Бу билан АҚШ маъмурияти Байден даврида Вашингтон Берлин билан муносабатларни тиклашни исташини маълум қилди. Германия ҳам бунга тайёр эканини билдирди.
Ҳозирча газ қувурининг 95% қуриб битказилган, ёки 2460 кмдан 2339 км тайёр бўлган. Лойиҳа қуриб битказилган тақдирда Германия россия газини маълум шартлар асосида сотиб олади. “Улар Москванинг ўзини тутишига боғлиқ бўлади”, - деди Крамп-Карренбауэр.
АҚШ “Шимолий оқим-2”га қарши янги санкциялар жорий этди
Остин бўлса, АҚШ маъмурияти Болтиқ денгизи туби бўйлаб ўтказилган газ қувури қуриб битказилишига қарши эканини билдирди. Лекин шу билан бирга у ушбу лойиҳа атрофидаги тортишувлар АҚШ-Германиянинг яқин муносабатларига таъсир қилмаслигини билдирди.
Крамп-Карренбауэр ва унинг Америкалик ҳамкасабаси ШО-2дан ташқари бошқа муҳим масалаларни ҳам муҳокама қилишди. Собиқ президент Дональд Трамп Германияни НАТО олдида “кўп миллиардли” қарзи борликда айблаб у ердан АҚШнинг 9,5 мингдан 12 минггача аскарларини олиб чиқишни режалаштирган эди. Янги маъмурият бўлса, ҳарбийлар сонини янада оширишни режалаштирмоқда, атиги 500 кишига бўлса ҳам.
“Шимолий Оқим-2” – Трамп давридан буён Вашингтон ва Берлин муносабатларида энг асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. АҚШ ШО-2 Европа энергетика бозорини уларнинг таъсири остидан олиб чиқишидан ва келажакда ЕИ Россия газига қарам бўлиб қолишидан хавотирда.
Газ қувури махсус иқтисодий ҳудудлар ва Германия, Дания, Россия, Финляндия ва Швеция денгиз ҳудудлари орқали ўтган. Копенгаген узоқ вақт давомида газ қувури қурилишига қарши эди, лекин кейин рози бўлди. Германия энг бошидан лойиҳани “соф иқтисодий” деб ҳисоблайди ва ундан бошқа мақсадларда фойдаланмасликка чақириб келмоқда. Лекин бошқа давлатлар бундай деб ўйламайди. Лойиҳа танқиди билан экологлар ва “яшиллар” чиқмоқда.
Яқинда Deutsche Umwelthilfe (DUH) – табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти Гамбург судида Германия Денгиз ҳаракати ва гидрография бошқармаси томонидан “Шимолий оқим-2” қурилиши учун берилган рухсатноманинг қонунийлиги устидан ариза берган эди.
АҚШдан ташқари Украина ва Польша ҳам ушбу газ қувурига қарши чиқмоқда. Ушбу давлатлар Россия газини ўз ҳудуди орқали транзит қилишни ва бунинг отидан даромад олишни истайди.
Чехия, Латвия, Эстония, Литва, Венгрия, Словакия, Румыния ва Хорватия – ҳам Украина ва Польшани қўллаб қувватлашмоқда, чунки улар энергетика бозорида Москва таъсири кучайиб кетишидан хавотирда.

Трамп қаршилиги

Дональд Трамп ШО-2 қурилишига санкциялар ёрдамида фаол қаршилик кўрсатган эди. Унинг атрофидагилар ушбу чекловлар “лойиҳа юрагига найза санчишига” ишонган эди. 2017 йилдан бошлаб Трамп доимий равишда янги ва янги санкциялар киритишда давом этди – зарба асосан лойиҳада иштирок этаётган хорижий компанияларга берилди.
Дастлаб Россиянинг “мудофаа ва разведка секторлари” билан ҳамкорлик қилаётган америкалик ва европалик компанияларни жазоловчи қонун қабул қилинди. Икки йилдан сўнг АҚШда имзоланган ҳарбий бюджетда ҳам ушбу “Шимолий оқим-2”ни тўхтатиб туриш чоралари белгиланган эди. Шундан сўнг қувурла ётқизиш билан шуғулланувчи Швейцариянинг Allseas компанияси ўз кемаларини Болтиқ денгизининг қурилиш бўлаётган қисмидан олиб чиқди.
АҚШ Конгресси "Шимолий оқим-2"га қарши янги санкцияларни тасдиқлади
Европаликларга бундай босим ёқмади, лекин улар қаршилик кўрсата олишмади.
Оқ уйга Байден келиши билан у мураккаб вазият олдида қолди: Бир томондан иккала партия ҳам “Шимолий оқим-2”га қарши чиқмоқда, иккинчи томондан – янги президентга Евроиттифоқ билан бузилган муносабатларни тиклаш керак эди. Айниқса Германия билан.
Феврал ойининг охирида эса, лойиҳа билан боғлиқ бўлган “Фортуна” кемаси ва унинг мулкдори "КВТ-Рус" компанияси Американинг янги санкциялар рўйхатига тушиб қолди. Бу вақтга келиб лойиҳада иштирок этаётган европанинг 18та фирмаси ҳам Вашингтон пўписалари остида ундан чиқди. Март ойида АҚШ ШО-2 иштирокчиларини янги санкциялар билан қўрқитди.
Берлин узов вақт давомида Вашингтон ҳаракатларини танқид қилиб келди. У ерда кўпчиллик лойиҳа қуриб битказилишига ҳалигача ишонади. “Америкада вазият қандай бўлмасин, уларнинг барчаси Россия ва Германия орасида муносабатлар яхшиланишини, тизимли ва ишбилармон тус олишини истамайди. ШО-2 АҚШ янги маъмуриятига қарамасдан қуриб битказилади”, - деб ҳисоблайди бундестага депутати Вальдемар Гердт.
Кремль, Америка томонидан киритилган чекловлар “Газпром” ишини мураккаблаштиришини тан олади. 2021 йилнинг январ ойида имзоланган меморандумда “Газпром” “вазият кескин ўзгарган тақдирда” лойиҳани тўхтатиб туриш ёки мутлақ бекор қилишни истисно қилмади.
Умуман олганда, “Шимолий оқим-2” Европа иқтисоди, хусусан Германия учун ютуқли лойиҳа”, - деб айтган эди Владимир Путин бир неча баробар. Устига устак, Москва янги газ қувурлари билан бир вақта Украина транзитини сақлаб қолишни ҳам ваъда бермоқда. Бу ишда АҚШ ўз суюлтирилган газини сотиш учун ҳам рақибни сиқиб чиқараётганига Россия ишонади.

Тугатиладими-йўқми?

Экспертлар хулосасига кўра, газ қувури қуриб битказилади, лекин уни тўлиқ ишга туширишмайди.
“ЕИда қабул қилинган янги қонунга мувофиқ бир газ етказиб берувчи транспорт инфратузилмасининг 50%дан ортиғини эгаллай олмайди” - дейди Россиянинг Халқаро ишлар бўйича кенгаши директори Андрей Кортунов.
Кортунов айтишига кўра, газ қувурини ёпиб қўйиш, ёки АҚШ томонидан Германияга компенсация тўлаш каби сценарийлар ҳам мавжуд. Вашингтон Европада американинг суюлтирилган газини қабул қилувчи терминаллар қуришга инвестиция киритиши мумкин. Лекин бу тизим Байден даврида қандай ривожланши номаълум, чунки у сланец гази қазиб олишга қарши.
АҚШ нима учун "Шимолий оқим-2"га тўсқинлик қилмоқда - видео
“Америкаликлар шунчаки вақтни чўзаётган бўлиши ҳам мумкин. Меркель кетаяпти у ўз фикрини ўзгартирмайди. Кузда Германияда бўлиб ўтадиган янги сайловларда “яшиллар” вакили ғолиб чиқиши мумкин. У эса “Шимолий оқим-2”га нисбатан бутунлай бошқа муносабатда бўлиши мумкин. Ўшанда лойиҳа ўз-ўзидан йўқ бўлади”, - деб фикр юритади сиёсатчи.
Россия Фанлар академиясининг Германия изланишлар маркази ходими Александр Камкин хулосасига кўра, Пентагон раҳбари ташрифи вақтида Германия ҳукуматидан АҚШ сулютирилган газини сотиб олишни талаб қилган.
“ФРГ газ бозорини қисман диверсификация қилиш эвазига ШО-2ни қуриб битказишга рухсат олади. Лекин газ қувурига қарши сиёсий босим сақланиб қолади”, - деди у суҳбатда.
Германия мудофаа вазири айтишига қараганда, немис ҳукумати позициясини якуний деб баҳоламаслик керак. Крамп-Карренбауэр Москвага нисбатан ўзининг кескин баёнотлари билан танилган. Ҳозир АҚШ ва ФРГ ўзаро компромиссга келиб муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилишмоқда. Буни қандай амалга ошириш ҳозирча номаълум. ШО-2 қурилишига мораторий киритиш – муаммони ҳал қилиш муддатини ортга суриб қўяди холос.