ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Вашингтон Москвага қарши янги санкциялар киритди, деб хабар қилди Оқ уй маъмурияти.
14 июндан бошлаб АҚШ молия муассасаларига Россия Марказий банки ва Молия вазирлиги ҳамда Миллий фаравонлик фонди қимматли қоғозларини сотиб олиш таъқиқланади.
Шунингдек, Вашингтон Россиянинг 6 та технологик команияларини “Россия махсус хизматларининг кибердастурига ёрдам беришда” айблаб, уларга қарши санкциялар киритди. Биринчи қаторда ҳарбий технополис "Эра" ушбу рўйхатга киритилди.
“Биз Россияни киберҳудудда амалга оширилган SolarWinds ҳолати каби зарарли фаолияти учун жавобгарликка тортишда давом этамиз”, - дейилган ҳужжатда.
Ундан ташқари Россия ташқи разведка хизмати SolarWindдан фойдаланган ҳолда “Кенг кўламли кибершпионаж” фаолиятига алоқадор дейилган.
Шу билан бирга санкцияга киритилган шахслар рўйхати яна Россиянинг 32 ташкилоти ва фуқаролари билан тўлдирилди. Уларнинг барчасига “сайловларга аралашиши” айблови қўйилган.
Рўйхатга киритилган шахслар орасида Россия президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Громов ва Евгений Пригожиннинг компанияси киритилган. Янги чоралар ушбу юридик ва жисмоний шахслар мулкларини блоклаш ва виза чекловларини назарда тутади.
“АҚШ ўз ҳамкорлари иттифоқдошлари хавфсизлигини таъминлаш тарафдори. Бизнинг ушбу санкциялар билан ушбу принципга қатъий амал қилишимизни яна бир бор тасдиқламоқчимиз”- дейилган Оқ уй хабарида.
Санкциялардан ташқари АҚШ ҳукумати Россия дипломатик ваколатхонасининг 10 нафар ходимларини чиқариб юбормоқда. Бу борада Россия Федерация кенгаши қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Джабаров Москва АҚШнинг ушбу ҳаракатларига мос равишда жавоб қайтаради, деб хабар қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 14 апрель сешанба куни Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байден телефон орқали мулоқот қилишган ва Жо Байден Путин билан юзма-юз кўришишни таклиф қилган эди.
Чоршанба куни АҚШнинг Россиядаги элчиси Джон Салливанни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳузурига таклиф қилишиб, Вашингтон янги санкциялар киритган тақдирда Москва кескин жавоб қайтаришини таъкидлаган эди.