ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчисининг калтаклангани юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Жиноят иши 13 апрель куни Ўзбекистон ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (Безорилик ) билан очилган.
Аниқланишича, Умакай қишлоғида яшовчи фуқаролар О.Ж, О.Н ва Х.Б. 6 апрель куни мактабга келишган. Кейин гўёки укаси, шу мактабдаги 6-“А” синф ўқувчиси О.М.га асоссиз қониқарсиз икки баҳо қўйилганини баҳона қилиб, ҳеч бир сабабсиз ўқитувчининг юз қисмига бир неча маротаба қасддан уришган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Шу ўринда бугунги кунда жамиятимизда ўқитувчиларнинг нуфузи ва мақомини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини, ўқитувчиларнинг касбий фаолиятига бу каби ноқонуний аралашувлар албатта жазосиз қолмаслигини эслатиб ўтамиз”, - дейилган вазирлик хабарида.