Наманганда мактабга ҳижобда қатнаётган қизлар билан профилактик суҳбат ўтказилди

Янгиқўрғон туманидаги мактабда 10 нафар ўқувчи огоҳлантиришларга қарамасдан ҳижобда дарсга қатнаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ҳижоб ўраган ўқувчи қизларнинг ИИБ ходими қаршисида тургани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Наманган вилояти ИИБ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Билдирилишича, 8 апрель куни Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли мактаб маъмурияти туман ИИБга алоқа хатини юборган.
Унда мактабда аввалига 5 нафар, охирги кунларда эса 10 нафар қизлар белгиланган тартибдаги мактаб формасини кийиб юриш қоидаларига риоя қилмаётгани баён қилинган. Уларга бир неча маротаба мактаб формасида, лозим бўлса, оддий рўмол ўраб келишлари тўғрисида тушунтирилган. Бироқ ота-оналар ҳам, қизлар ҳам мактабнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилмаяпти.
Ўзбекистондаги хусусий мактабларда ташқи қиёфага янги талаблар жорий этилади
Туман ИИБ ҲПБ ХҚМБ катта инспектори 10 апрель куни ушбу мактабда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида 9-10-11-синфлар ўртасида жиноят содир этилишининг олдини олиш юзасидан муҳокама йиғилишини ташкиллаштирган.
Муҳокама давомида алоқа хатида кўрсатилган қизлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган ва уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарори тушунтирилган.
Унда ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин конфессиялари ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.
“Суҳбат якунида ўқувчи қизларга мактабга белгиланган тартибда кийиниб келишлари, ҳижобда эмас рўмол ўрашлари мумкинлиги, бунга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаслиги тушунтириб ўтилган”, - дейилган хабарда.