Испанияда AstraZeneca билан эмланган эркак вафот этди

Испанияда AstraZeneca билан эмланган ўттиз ёшли эркак вафот этди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Испаниянинг Толедо шаҳрида (Кастилия-Ла-Манча) ўттиз ёшли эркак коронавирусга қарши AstraZeneca препарати билан эмланганидан сўнг вафот этди, деб хабар қилди Encastillalamancha маҳаллий нашри.
Эркак маҳаллий институтлардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Хабар қилинишича, у 9-апрел куни оғир тромбоз билан касалхонага ётқизилган. Шу куннинг ўзида тиббиёт муассасаси мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Испаниянинг Дори воситалари ва соғлиқни сақлаш маҳсулотлари агентлигини (AEMPS) беморга бу препарат салбий таъсир кўрсатгани ҳақида хабар берди. Эркак бир неча кун оғир аҳволда реанимация бўлимида бўлган ва 12 апрелда вафот этди.
Британияда AstraZeneca билан эмлангач, етти киши тромб туфайли вафот этди
Ҳукумат AstraZeneca вакцинасидан фойдаланиш натижасида ножўя реакция юзага келган, деб тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Европа иттифоқи давлатларида AstraZeneca билан эмланган фуқароларда салбий оқибатлар юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлаган эди.
Биринчи бўлиб бу ҳақда Австрия бонг урди. Бу давлатда эмлаш жараёнидан сўнг бир кишида кўпсонли тромбоз юзага келган ва у орадан 10 кун ўтиб вафот этган, яна бир киши эса эмлашдан сўнг ўпка артерияси тромбоэмболияси ташхиси билан касалхонага ётқизилганди.