ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Равшан Эрматов Миллий олимпия қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
МОҚда ўтказилган навбатдан ташқари сайлов йиғилишида қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Равшан Эрматов номзоди илгари сурилган. Кенгаш аъзолари томонидан унинг номзоди бир овоздан маъқулланган ва сайланган.
Равшан Эрматов шу кунга қадар бир вақтнинг ўзида Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти лавозимларида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта у бошқа ишга ўтиши муносабати билан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган эди.