Озарбайжон фуқароси Тошкентда ҳалок бўлди

ЙТҲга “Lacetti” ҳайдовчисининг белгиланмаган жойдан бурилиб олмоқчи бўлгани сабаб бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Тошкентда Озарбайжон фуқароси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 10 апрель куни Миробод тумани Меҳржон кўчасида рўй берган. “Lacetti” ва “Malibu” автомобиллари ўзаро тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида “Lacetti” йўловчиси 63 ёшли Нурония В. ва ҳар иккала автомобиль ҳайдовчилари турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган.
Тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан “Lacetti” ҳайдовчи 65 ёшли Озарбайжон фуқароси Халик К. вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўқнашувга “Lacetti” ҳайдовчисининг белгиланмаган жойдан бурилиб олмоқчи бўлгани сабаб бўлган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.