ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Термизда мактаб ўқувчиси, вояга етмаган 16 яшар қизнинг номусига тегиш ҳолати Ўзбекистон Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди.
Сенатор Фарҳод Боқиев шаҳар ИИО ФМБ жиноят ишини қўзғатишни рад этгани ва бир йилдан зиёдроқ вақт мобайнида гумондорга чора кўрилмаганини маълум қилган.
Хабарда айтилишича, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Б.Э. исмли шахс 2020 йилнинг январь ойида 16 ёшли вояга етмаган (мактаб ўқувчиси) қизнинг ожизлигидан фойдаланиб номусига теккан. Ачинарлиси, бу ҳолат 2020 йилнинг февраль ойида вояга етмаган қизни зўрлагани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилишини айтиб, уни қўрқитади ва такроран куч ишлатиб номусига тегади.
"Ушбу жиноятни содир этган шахсга нисбатан қарийб 14 ойдан бери Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан қонуний чоралар кўрилмай келинмоқда. Энг ачинарлиси, жабрланувчи қизнинг ота-онаси адолатни қарор топтириш, жиноятни амалга оширган шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб бир йилдан бери Термиз шаҳар ИИО ФМБга ва бошқа маъмурий идораларга қилган барча мурожаатлари эътиборсиз қодирилган", - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Термиз шаҳар ИИО ФМБ томонидан мазкур воқеа бўйича сифатсиз текширишлар ўтказилганлиги, жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар қабул қилганлиги ҳамда жиноятни амалга оширган шахснинг дўстлари Термиз шаҳар ИИО ФМБда фаолият юритиши, шу сабабли иш бости-бости қилиб келинаётгани ота-онанинг сўнгги чора сифатида Сенатга мурожаат қилишига сабаб бўлган.
Тергов қўмитаси ахборот-хизмати ҳам мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат эълон қилди.
Қўмита хабарига кўра, Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тайинланган суд-тиббий экспертиза хулосасида қизнинг баданида тан жароҳатлари ва уларнинг излари аниқланмаганлиги, қизлик пардасининг анатомик бутунлиги бузилганлиги, лекин ҳодиса анча олдин бўлганлиги сабабли бузилиш муддатини аниқлашнинг имконияти йўқлиги кўрсатилган.
Шунингдек, терговга қадар текширув жараёнида бир қатор тергов ҳаракатлари амалга оширилиб, ишга алоқадор фуқаролардан тушунтириш хатлари олинган. Бундан ташқари мазкур ҳолат доирасида суд-психология ҳамда суд-психиатрия экспертизалари тайинланиб, хулосалари иш материалларига қўшилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йил март ойида фуқаро Б.Э.нинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги асоси билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Термиз шаҳар прокуратураси томонидан 5 апрел куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш қарори бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ўтказиш учун Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБга юборилган ва юритувга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти кўрсатмасига биноан масъул ходимларга нисбатан хизмат текширув тайинланган.
Ҳозирда Термиз шаҳри бўйича ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан 6 апрел куни судга оид қайта комиссион тиббий экспертиза тайинланиб, тўпланган ҳужжатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика суд-тиббиёт экспертиза илмий-амалий марказига юборилган.
Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.