Закот, фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди

Закот нисоби йигирма етти миллион икки юз минг сўм деб белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 апр — Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2021 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди.
Бу йилги закот нисоби йигирма етти миллион икки юз минг сўм деб белгиланди.
Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27 200 000 сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.
Фитр садақасининг миқдори буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.
Рамазон ойи қачон бошланиши маълум бўлди
Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.
Фитр садақасининг миқдори:
буғдойдан 2 кг 10 000 (ўн минг) сўм;
арпадан 4 кг 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;
майиздан 2 кг 80 000 (саксон минг) сўм;
хурмодан 4 кг 140 000 (бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.
Фидя миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати қийматида бўлиб, бугунги кунда бу ўртача 25 000 (йигирма беш минг) сўмга тўғри келганидан, бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 (йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.