Расмийлар "қўйлар митинги" воқеасига изоҳ берди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 апр - Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдида 6 минг бош қўй ҳайдаб келингани ҳақида видео ва хабарлар тарқалган эди.
ЎзА хабарига кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлигида Нуробод тумани сектор раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, унда қўй ҳайдаб келганларга нисбатан чора кўрмаслик қарори қабул қилинган.
Туман ҳокими Фахриддин Зойировнинг айтишича, туман асосан чорвачиликка ихтисослашган ва фермер хўжаликлар ва аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади.
"Улар шу пайтгача туманимизда мавжуд яйловлардан фойдаланиб келган. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 2 сентябрда "Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон қабул қилингач, туманимиздаги 348,2 минг гектар яйлов ерлар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси балансига берилди. Ана шу ерлар “Самарқанд қоракўл кластер” (151 минг гектар) ҳамда “SP LUXE” (197, 2 минг гектар) кластер корхоналарига ажратиб берилган. Бу корхоналар олдига ҳудудда чорвачиликни ривожлантириш, соҳага замонавий инновацияларни жалб қилиш, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш, янги иш ўринлари яратиш каби вазифалар қўйилган. Эндиликда аҳоли, фермер хўжаликлари мазкур кластер корхоналари билан шартнома асосида ишлашлари талаб этилади. Бу мавжуд яйловлардан фойдаланиш, гўшт, тери, жун маҳсулотлари реализацияси, чорва наслини яхшилаш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Туман ҳокимлиги олдига қўй суруви ҳайдаб келинган Қиличли маҳалласи ҳудудида ҳам “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги кластер корхонаси билан шартнома имзолаб, 1440 бош чорвасини боқиш учун 837 гектар яйлов ер майдонини 49 йилга ижарага олган. Аммо фермер ўзи учун ажратилган ерга кўрсатилганидан кўп миқдорда, яна 1000 бошдан зиёд қўй олиб келиб боққани ва бу чорва моллари аҳоли яйлов сифатида фойдаланиб келаётган ерларга ўтиб кетиши мумкинлиги сабабли фуқаролар бундан норози сифатида ана шу қўй сурувини ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб келган. Шу куннинг ўзида кластер корхонаси таъсисчиси, фермер хўжалиги ва аҳоли билан ушбу масала юзасидан гаплашиб, фермернинг белгиланганидан ортиқча чорваси бу ердан чиқариб юборилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида яна 2-3 та фермер масъулияти чекланган жамият тарзида корхона ташкил этиб, уларга аҳоли аъзо бўлиши ва кластер билан шартнома асосида иш олиб боришга келишиб олинди", - дея иқтибос келтиради ҳоким сўзларидан нашр.
Туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари А.Очилов Қиличли маҳалласи унинг сектори ҳудудига кириши ва йил бошидан буён маҳаллада аҳоли билан тўрт марта учрашув ўтказган бўлса-да, яйлов масаласида мурожаат тушмаганини қайд этган.
"Кечаги воқеалар янги тартиб бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кенг кўламда олиб бориш лозимлигини кўрсатди ва бу борадаги ишларни янада жонлантирамиз", -дея ваъда берган туман ИИБ раҳбари ҳамда ушбу ҳолат юзасидан ҳеч кимга нисбатан бирор бир ҳуқуқий чора кўрилмаслигини маълум қилган.