ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Ўзбекистонда Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди. Тегиши фармонга президент Шавкат Мирзиёев имзо чекди.
Фармонга мувофиқ,
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги;
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари негизида вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) бўлимлари ташкил этилди.
Вазирлик туризм, жисмоний тарбия, спорт ва маданий мерос соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида:
- бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозими тугатилди;
- бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири лавозими киритилди.