ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik, Мария Науменко. Россияда мигрантлар учун 3та асосий мамлакатда бўлиш мақоми пайдо бўлади. Бундай чоралар янги "Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг кириш (чиқиш) ва мамлакатда бўлиш (яшаш) шартлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасида назарда тутилган.
“Учта асосий миграция мақоми жорий этилмоқда: мамлакатда қисқа муддат бўлиш (90 суткагача), узоқ муддат бўлиш ва доимий яшаш, унинг доирасида чет эл фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида қонуний равишда яшашлари мумкин", - деб жавоб беришди Россия ИИВ Sputnik Ўзбекистон сўровига.
Ҳозирги вақтда Россиядаги чет эл фуқаролари учта ҳуқуқий мақомга эга: Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлганлар, вақтинча яшаётганлар ва доимий яшаётганлар.
Вазирлик аниқлик киритишича, мамлакатда қисқа муддат бўлиш йил давомида Россияда жами 90 суткадан ортиқ бўлмаган вақтни ташкил этади (ҳозир 180 сутка ичида 90 кун). Узоқ муддатли мамлакатда бўлиш режими – бу 90 суткадан ортиқ вақт давомида Россия Федерациясида қонуний равишда бўлган чет элликлар учун ягона миграция режими.
"Агар Россия Федерациясида бўлиш шартлари ўзгарса ёки унга рухсат берилган ҳолатлар мавжуд бўлмай қолса, чет эл фуқаросининг мамлакатда бўлиш учун рухсат берилган муддат узайтирилади ёки қисқаради", - деб қўшимча қилинди вазирликда.
Мигрантларнинг фарзандлари, агар ота-оналари Россияда ишласа, узоқ муддатли яшаш учун рухсатнома олишлари мумкин.
Бундан ташқари, энди чет элликлар Россия фуқаролигини олиш учун яшаш гувоҳномасини олишлари керак. Ўз навбатида, яшаш гувоҳномаси квота доирасида олинган вақтинчалик яшаш рухсатномаси мавжуд бўлганда берилади. Янги қонун кучга киргач, доимий яшаш асосий миграция мақомига айланади ва келгусида чет элликларга Россия фуқаролигини олиш учун давогарлик қилиш имкониятини беради.
ИИВ маълумотларига кўра, 2021 йил январ-феврал ойларида 1 миллион 84 минг фуқаро миграция ҳисобига олинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кам.