ТОШКЕНТ, 7 апр - Sputnik. Россиянинг “Росэксимбанк” АЖ ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Тошкент ва Наманган вилоятларида кичик ГЭСлар қурилишини молиялаштириш тўғрисида шартнома имзоланди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Пскем дарёсида 140 МВт қувватга эга “Муллалак” ГЭСини, Наманган вилоятидаги катта Андижон каналида қуввати 51 МВт бўлган кичик ГЭСлар каскади, яъни Кугай-1, Кугай-2, Бешқўрғон-1 ва Бешқўрғон-2 кичик ГЭСларни молиялаштириш бўйича келишувга эришилди, - дейилган хабарда.
Кредит шартномасининг умумий қиймати 340 млн. долларни ташкил қилади.
Икки томонлама бўлиб ўтган учрушувда Россия Федерациясининг “Росэксимбанк” АЖ Бошқаруви раиси Азер Талыбов ҳамда Жамият Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида ўзаро фикр алмашдилар.
Эслатиб ўтамиз, 5-7 апрел кунлари Тошкентда Россия ва Ўзбекистон томонидан ташкил қилинган "Иннопром 2021" халқаро саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 20дан ортиқ мамлакатидан келган 300га яқин корхоналар тақдим этилган. Кўргазманинг илк кунидан бошлаб Ўзбекистон ва Россия компаниялари орасида қатор шартномалар имзоланди.