Нурободда қўйлар суруви нега ҳокимлик биноси олдига ҳайдаб келингани ойдинлашди

Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдига қўйлар суруви ҳайдаб келингани айтилган видео юзасидан расмий маълумот берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Самарқанд вилояти Нуробод туманида чўпонлар яйлов йўқлигидан қўйларни ҳокимлик биноси олдига тўплагани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.
Хабарда ёзилишича, ҳолат 2021 йил 6 апрель куни соат 16:00 ларда содир бўлган.
Аниқланишича, илгари республика Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан “SP LUXE” МЧЖ қўшма корхонасига 197, 2 минг гектар яйлов ер майдони ажратилган.
Таъкидланишича, кластер “SP LUXE” МЧЖ ва Қоракўлча массивида фаолият кўрсатаётган “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги ўртасида 49 йилга 834 гектар яйлов ер майдонини ижарага олиш бўйича шартнома тузилган.
Унда 1450 бош майда шохли молларни боқиш кўрсатилган. Аммо у ерда фермер хўжалиги раҳбари 4 мингдан зиёд чорва молларини боққан. Бу эса “Қиличли” маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган. Кейин маҳаллий аҳоли кластернинг 1450 бош қўйларини туман марказига ҳайдаб келган.
Шундан сўнг, туман ҳокими, туман ички ишлар бўлими бошлиғи бошчилигида “SP LUXE” МЧЖ қўшма корхонаси иш бошқарувчиси ҳамда фуқаролар билан йиғилиш ўтказилган. МЧЖ раҳбари “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартномани бекор қилиниши мутассаддилар назоратига олинган.
“Юқоридаги каби ҳолатлар такрорланмаслиги мақсадида аҳолининг чорва моллари учун айни вақтларда юқоридаги Кластер корхоналари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларига масъулияти чекланган жамиятлар ташкил этган ҳолда, биринчи навбатда қишлоқ аҳолиси чорва моллари учун ажратилиши бўйича келишиб олинди”, - дейилган хабарда.