ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Тошкент вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган МЧЖ раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бекобод туман бўлими терговга қадар текширувлар ўтказган.
Аниқланишича, Ангрен, Нурафшон, Олмалиқ шаҳарлари, Пискент, Ўртачирчиқ ва Янгийўл туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан “Сувоқова” ДУК Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси билан 6 та МЧЖ ўртасида тузилган пудрат шартномаларига асосан амалга оширилган ишлар бўйича тузилган ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилган. Натижада амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 493,8 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жамият раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.