ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Қирғизистон бош вазири Улукбек Марипов Ўзбекистон ва Қозоғистон қандай ёрдам кўрсатганлигини маълум қилди.
Facebook᾽даги жонли эфир вақтида ҳукумат раҳбари март охирида Ўзбекистонда, куни кеча эса Қозоғистонда бўлиб қайтганини эслатди, дея ёзади Sputnik Қирғизистон нашри.
Мариповнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон минг тонна буғдой уруғини ёрдам тариқасида тақдим этади. Ярмини бепул, қолган ярмини эса қирғиз томони буғдой тариқасида қайтаради. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати 500 тонна пахта уруғини ажратган. Унинг ярмини ўз вақтида пахта шаклида қайтариб бериш керак бўлади. Бундан ташқари, Тошкент Бишкекка 10 минг туп кўчат ҳадя қилган.
Марипов Қозоғистон кам таъминланган оилалар учун 10 минг тонна ун беришини таъкидлаган. Шунингдек, 1 тонна кузги буғдой уруғини берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистонга буғдой ва пахта уруғларини етказиб бериши хабар қилинган эди.