“Нархи 50 минг сўм”: Андижонда танишини шаънини ерга урган қиз суд қилинади

Қизнинг таниши “Назокат 50 000 сўм эвазига фоҳишалик билан шуғулланади” деган мазмунда ёзувни Telegram᾽даги гуруҳга жойлаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. Андижон вилоятида танишининг суратини ижтимоий тармоқда тарқатган қиз суд олдида жавоб беради. Бу ҳақда Тергов департаменти матубот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, 25 ёшли фуқаро Н.Т. Марҳамат тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Қизнинг сўзларига кўра, унинг таниши 25 ёшли М.Т. шаъни ва қадр қимматини камситган. Таниши уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш мақсадида унинг сурати устига гўёки “Назокат 50 000 сўм эвазига фоҳишалик билан шуғулланади” деган мазмунда ёзувни Telegram᾽даги гуруҳга жойлаган. Бу ҳам етмагандай унинг телефон рақамини кўрсатган.
Скриншот с поста в Telegram-группе
М.Т.га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 139-моддаси 3-қисми “г” банди (Туҳмат, яъни ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда била туриб шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш ) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши тегишли тартибда туман судига юборилган.