Атабек Назиров Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори бўлди

Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари лавозимига Атабек Назиров тайинланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. Атабек Назиров инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси - Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Ушбу Жамғарма рақобатбардош маҳаллий компанияларга инвестициялар киритиш, шунингдек, хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро фойдали шериклик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.
Жамғарманинг асосчиси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобланади, фаолияти эса Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Инвестицияларни ўзлаштириш самарадорлиги оширилади - президент
Назиров 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1998 йилда макроиқтисодиёт ихтисослиги бўйича АҚШдаги Нью-Йорк давлат университетини тамомлаган. У инвестиция соҳасида катта тажрибага эга, АҚШдаги “Goldman Sachs” ва “JPMorgan Chase”, Россиядаги “Тройка Диалог” ва МДМ-Банк каби йирик молиявий ва инвестиция компанияларида, шунингдек, Лондон шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкида ишлаган.
У Ўзбекистонда ўз фаолиятини 2018 йилда инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари лавозимида бошлаган, кейинчалик Халқ таълими вазирининг ўринбосари сифатида фаолият юритган. 2019 йилнинг январь ойидан буён Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори лавозимида ишлаб келган.