ТОШКЕНТ, 29 мар - Sputnik. Венгрия Бош вазири Виктор Орбан 29 март куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди, деб хабар қилмоқда УзА.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. Юқори мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Қисқа суҳбатдан сўнг Венгрия делегацияси пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонига йўл олди.
Мустақиллик майдонида меҳмон Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Виктор Орбанга Мустақиллик майдонининг мазмуни ва бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўзлаб берилди.
Шундан сўнг Венгрия делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.