Москвадаги Жаҳон кубогида ўзбекистонлик самбочилар умумжамоа ҳисобида иккинчи бўлишди

Самбо бўйича А.А.Харлампиев хотирасига бағишланган Жаҳон кубогида ўзбекистонлик самбочилар 9 та медалга эга чиқишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. 24-26 март кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида самбо бўйича А.А.Харлампиев хотирасига бағишланган Жаҳон кубоги ташкил этилди. Баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси самбочилар ҳам муваффақиятли иштирок этишди, деб хабар қилмоқда Миллий олимпия қўмитаси.
Мусобақа якунига кўра, ўзбекистонлик самбочилар 9 та медалга эга чиқишди. Cпортчилар турнир давомида 2 та олтин, 6 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритишди.
Жаҳон кубогида Баҳодир Бакиев ва Ихтиёр Эшмуродов олтин медални Ўзбекистонга тақдим этди.
Ҳомиджон Мўминов, Дилшод Чориев, Ҳакимжон Исмоилов, Сабина Давлатова, Ҳусниддин Ҳусанов ва Ойбек Солиев кумуш медаль билан тақдирланди.
Шерзодбек Исмоилов эса бронзага эга чиқди.
“Қувонарлиси, эркаклар терма жамоамиз мусобақада умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашди”, - дейилган хабарда.
Бу борада биринчи ўринни Россия, учинчи ўринни эса Қирғизистон терма жамоалари банд этишди. Ўзбекистонлик жанговар самбочилар эса Россия ва Қозоғистондан сўнг умумжамоа ҳисобида учинчи бўлишди.