Тошкент вилоятида эр-хотинга ўроқ билан ҳужум қилишди

Номаълум шахс юзига тиббий ниқоб тақиб, темирдан ясалган қўлбола ўроқ билан қуролланган ҳолда Боғзор маҳалласида яшовчи 31 ёшли Фарруҳ Х.нинг яшаш хонадонига кирган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Тошкент вилоятида эр-хотинга ўроқ билан ҳужум қилишди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Ҳодиса Зангиота туманида 20 март куни ярим тундан ошганда содир бўлган.
Номаълум шахс юзига тиббий ниқоб тақиб, темирдан ясалган қўлбола ўроқ билан қуролланган ҳолда Боғзор маҳалласида яшовчи 31 ёшли Фарруҳ ва 28 ёшли Шаҳноза Х. нинг яшаш хонадонига кириб, эр-хотиннинг ухлаб ётганликларидан фойдаланиб, ўроқ билан уларнинг бош қисмига уриб, уларнинг оёқ ва қўлларини боғлаган.
Сўнгра хонадонда бўлган тилла-тақинчоқлар, турли русумдаги телефон аппаратлари, бир миллион сўм пул ҳамда хонадон эгасига тегишли “SPARK” русумли автомашинасини босқинчилик йўли билан қўлга киритган.
Ўзбекистонда 2020 йилда умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган - Бобожонов
Таъкидланишича, босқинчи жабрланувчиларга жами 83 миллион 250 минг сўм миқдорда моддий зарар етказиб, "Спарк"да ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми "в" банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида, Юқоричирчиқ туман Ийк-ота маҳалласи ҳудудидан Фарруҳ Х.,га тегишли “SPARK” русумли автомашина давлат белгилари ечилган ҳолда топилиб, ушбу жиноятни 33 ёшли Лутфулла М., содир этганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.