Ўзбекистонга хитой-ўзбек ҳаммуаллифлигидаги вакцинанинг бир миллион дозаси олиб келинди

Бугунга кунга қадар ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III-фаза синовларида етти мингга яқин киши эмланган бўлса, уларнинг ҳар биридаги ўзгаришлар тўла назорат қилиб борилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Ўзбекистонга хитой-ўзбек ҳаммуаллифлигидаги вакцинанинг бир миллион дозаси олиб келинди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси Хитой Фанлар академияси Микробиология институти олимлари томонидан яратилган, Аnhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.Ltd фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда клиник тадқиқотлари олиб борилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцинадир.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти олимлари Хитойнинг ZF2001 вакцинаси устидаги тадқиқотларни кенг кўламда ўтказилишига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Амалга оширилган ишлар натижасида хитойлик ҳамкорлар Ўзбекистонни мазкур вакцина ҳаммуаллифи деб эълон қилди ва вакцинага ZF-UZ-VAC2001 деб ном берилди.
Бу билан ушбу йирик тадқиқотда Ўзбекистон илм-фан намояндалари ва тиббиёт ходимларининг ўрни алоҳида эътироф этилди.
Хитой-Ўзбекистон ҳаммуаллифлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини яратишда коронавирус ташқи оқсили биотехнологик усул билан синтезланиб олинган бўлиб, организмга юборилганда оқсилга нисбатан иммун жавоб ҳосил бўлади. Бундай вакциналар бошқа турдаги вакциналар билан солиштирганда, энг юқори хавфсизлик профилига эга ҳисобланади.
Биринчи апрелдан оммавий вакцинация бошланади
Бугунга кунга қадар ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг III-фаза синовларида етти мингга яқин киши эмланган бўлса, уларнинг ҳар биридаги ўзгаришлар тўла назорат қилиб борилмоқда. Олиб борилаётган мазкур тадқиқотлар давомида эмланган кўнгиллилар организмида вакцинанинг жиддий ножўя таъсирлари қайд этилмади. Мазкур вакцина Ўзбекистон ҳудудида III-фаза синов тадқиқотлари ўтказилган ягона вакциналиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тадқиқочилар коронавируснинг "британча штамми" ва бошқа штаммларидан ҳам мазкур вакцина ёрдамида ҳимояланиш мумкинлигини қайд этмоқдалар. Негаки ZF-UZ-VAC2001 вакцина биотехнология усулида яратилган бўлиб, бунда вируснинг тожлари, яъни бўлакчалари кесиб олинади ва улар лаборатория шароитида кўпайтирилади. Айнан коронавирусда кузатиладиган "шохчалар"га нисбатан антитаначалар ҳосил қилгани боис "британча штамм" ва бошқа коронавируснинг бошқа турларини ҳам организмга таъсирини сусайтиради.