Ўзбекистонда полиомиелит назорати ва профилактикаси кучайтирилди – СЭО хизмати

Ўзбекистонда полиомелит касаллиги учрамайди, лекин қўшни Тожикистон ва Афғонистонда касалланиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 мар – Sputnik. Ўзбекистонда полиомелит касаллиги назорати ва профилактикаси кучайтирилди. Бу ҳақида Республика Санитар эпидемиологик осойишталик (СЭО) хизмати хабар қилмоқда.
Хабарда айтилишига кўра, республикада полиомиелит касаллигининг олдини олиш ва тарқалишига қарши профилактика чоралари ЖССТ тавсияларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлат чегара-назорат пунктларида эпидемиологик чоралар кучайтирилган, Сурхондарё вилоятида 10-20 март кунлари 5 ёшгача бўлган болаларни эмлаш тадбири амалга оширилган.
Тожикистонда хавфли полиомиелит касаллиги тарқалмоқда - БССТ
Ундан ташқари Республиканинг барча ҳудудлари санитар-эпидемиологик хизматлари ва соғлиқни сақлаш тизими бошқармалари раҳбарларини полиомиелит ва ўткир шол фалажи касалликлари устидан фаол эпидемиологик кузатувини кучайтириш чоралари амалга оширилган.
СЭО хизмати хабарида айтилишига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда полиомелит касаллиги учрамайди, лекин қўшни Тожикистон ва Афғонистонда касалланиш ҳолатлари кўп учрамоқда.
“Республикамизда полиомиелит касаллиги учрамайди, лекин чет давлатлардан кириб келган шахслар маҳаллий аҳолига юқтириши мумкин. Бугунги кунда Тожикистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасида полиомиелит касаллиги аниқланмоқда” – дейилган хабарда.
Полиомиелит – ўткир шол касаллиги бўлиб уни майда, ҳатто оддий микроскопда ҳам кўриб бўлмайдиган вируслар чақиради. Касаллик асаб тизими, айниқса орқа мияни шикастлайди ва жиддий асоратларни, ҳатто умрбод фалажлик ёки болалик ёшидаёқ ўлим ҳолатини олиб келиши мумкин.
Полиомиелитни юқтириб олиш жуда осон. Касалланган киши билан мулоқотда бўлиш ёки ҳаводаги томчилар йўли билан ўтадиган вирусни ташиб юрувчига тегишнинг ўзи кифоя. Организм ичига тушган вирус марказий асаб тизимини шикастлайди, бунинг натижасида фалаж ёки шол ривожланиши мумкин. Касаллик кечишининг бундан оғирроқ кўринишларида нафас тизимининг шикастланиш ҳоллари ҳам мумкин, бу муқаррар ўлимга олиб келади. Полиомиелит билан асосан 10 ёшгача бўлган болалар касалланадилар. Касалликнинг яширин даври ўртача 5-12 кун бўлиб, баъзида 35 кунгача давом этиши мумкин.