ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Президент қарори билан Ўзбекистон фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, контракт бўйича ҳарбий хизматчини командирнинг (бошлиқнинг) ихтиёрига ўтказиш ҳамда тегишли тўловларни тўлаш ҳолатлари ва муддатлари белгиланди.
Жумладан, ҳарбий хизматчига ташкилий-штат тадбирлари ўтказилиши ёки бошқа лавозимга тайинланганлиги муносабати билан лавозимдан бўшатилганда – 2 ойдан кўп бўлмаган муддатда қуйидаги тўловлар амалга оширилади:
ҳарбий унвон маоши, охирги эгаллаб турган асосий лавозими бўйича лавозим маоши, хизмат йиллари учун устама;
махсус моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан устама (15 фоизгача);
бир йўла тўланадиган пул таъминоти, қонунчиликда белгиланган тартибда озиқ-овқат паёги учун компенсация пули ва турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси.
Шунингдек, ҳарбий хизматчи 6 ойдан кўпроқ муддатга тайёргарлик, қайта тайёргарлик ва малака ошириш курсларига, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига ўқишга юборилганда мазкур тўловлар ўқишнинг бутун муддати давомида сақланиб қолинади.