“Амирсой”га олиб борувчи йўлдаги кўчки – тафсилотлар

“Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳудудида кўчки содир бўлган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Автомобиль йўллари қўмитаси “Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳудудида содир бўлган кўчки юзасидан баёнот берди.
Март ойида “Амирсой” тоғ-чанғи курорти ҳудудида кўп миқдорда қор ва ёғингарчилик кузатилиб, намгарчилик меъёридан ортиши сабабли ҳудуддаги грунт ва тоғ жинсларида геологик силжиш содир бўлган.
Автомобиль йўли ва йўлга ёндошган қияликлар лёссимон тоғ жинсларидан (суглинкалар, супеслар) ва сунъий тўлдирилган тоғ жинсларидан ташкил топган, остида неоген ётқизиқлари песчаник ва алевролитлар тарқалган.
Геологик силжиш оқибатида кўчки ёриқларидан таҳминан ҳажми 50 000 м3 гача бўлган кўчки фаоллашган.
Обрушение дорожного полотна на трассе, ведущей к горному курорту "Амирсой"
Ўзбекистон Республикаси хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизматининг маълумотларига кўра, ҳудудда хавфли геологик жараёнлар фаоллашишининг реал хавфи туғилиб, кўчки ёриқларида 6 март кунидан бошлаб олиб борилган кузатиш натижалари ва ўрнатилган топогеодезик реперлар кўрсаткичига кўра суткасига 10-20 см гача сурилиш, 1,0 м гача чўкишлар давом этмоқда.
“Амирсой” ҳудудига олиб борувчи автомобиль йўлининг 15-16 пикет, 19-20 пикет ва 33-34 пикет оралиқ қисмларида вақтинчалик йўловчи ва автотранспорт воситалари ҳаракати чекланди.
Мазкур ҳолат ҳозирда турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин этилаётганлиги кузатилмоқда.
Обрушение дорожного полотна на трассе, ведущей к горному курорту "Амирсой"
Тоғ жинсларининг силжиши, кучли сел келиши, грунтнинг ўта даражада меъёридан ортиқ намланиши таъсирида грунт кўчкиси ва бошқа табиий офат оқибатлари натижасида йўлларнинг вақтинча бир неча кунлаб ёпилиб қолиш ҳолатлари кузатилади.
Бу каби табиий офатлар ўз кўламига қараб автомобиль йўллари ҳолатига ва йўл бўйи инфратузилмаларига ҳам турли кўринишда таъсир ўтказади. Ўз вақтида кўрилган чора тадбирлар натижасида эса йўллардаги ҳаракат мунтазамлиги таъминлаб келинмоқда.
Ҳозирда “Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳудудида содир бўлган табиий ҳодиса Ўзбекистон хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати, ФВВ, Автомобиль йўллари қўмитаси вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари билан биргаликда жойида ўрганилмоқда.
Ўрганишлар натижалари бўйича киритилган тегишли хулоса ва тавсиялар асосида содир бўлган табиий офат оқибатлари бартараф этилади ва қисқа муддатларда автомобиль йўлида тиклаш ишлари амалга оширилиб, автотранспорт воситалари ҳаракати қайта тикланади.