Халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалларида кулолчилик савдоси учун махсус жой ажратилади

Ёшларга ҳунар ўргатаётган кулолларга субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021–2023 йилларда кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича истиқболли режа кўрсаткичлар тасдиқланди.
Шунга кўра, жорий йилда 5 400 дона маҳсулот ишлаб чиқариш назарда тутилган.
Қарорга кўра, янгидан ташкил этиладиган кулолчилик марказларидаги турар ва нотурар жойлар учун мол-мулк ва ер солиғи ставкалари уларга нисбатан мулк ҳуқуқи кулолларга берилган ойдан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилади.
Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳунармандчилик учун Марказий банкнинг асосий ставкасида 500,0 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилади.
Осмоннинг 50 ранги ёки машҳур Риштон кулолчилик санъати
2021 йил 1 апрелгача уста-шогирд анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган кулолларга шогирдлар тайёрлаши, зарур хомашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши учун субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилади.
Ҳар йили “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган янги турмуш қураётган 100 минг нафар хотин-қизларга режа бўйича кулолчилик маҳсулотлари тўпламини совға қилиш тизими йўлга қўйилади.
Халқаро аэропортлар “Duty free” ҳудудларида ва темир йўл вокзалларида кулолчилик ва бошқа турдаги ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси учун махсус жойлар ажратилади.
Вазирлик, идоралар, тижорат банклари ҳамда давлат корхоналари 2022 йил 1 сентябргача кулоллар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали кулолчилик маҳсулотларини харид қилиши мумкин.
Қарорга кўра, Фарғона вилояти Риштон туманида кулоллар учун қурилган хонадонларни сотиб олиш мақсадида кулолларга:
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан хонадонлар қийматининг 50 фоизи миқдорида бошланғич бадалсиз, фақат мазкур хонадонлар гарови остида 20 йил муддатга, 3 йил имтиёзли давр билан, Марказий банкнинг асосий ставкасида ипотека кредитлари ажратилади;
- хонадонлар қийматининг 50 фоиз миқдори “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан қоплаб берилади.