"Вакцина олишдан эмас, олмасликдан хавфсираш керак" - эпидемиолог билан суҳбат

Апрель ойининг биринчи санасида Ўзбекистонда оммавий вакцинацияга старт берилиши режалаштирилмоқда. Биринчи навбатда юқиш хавфи жуда юқори бўлганлар, юқори хавф остида бўлганлар вакцина олишлари кўзда тутилган.
Sputnik
65 ёшдан катта бўлганлар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлар билан диспансер назоратида турувчилар, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимлари транспорт ходимлари, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда хизмат қилаётган ходимлар, чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, меҳнат мигрантлари кетма-кетликда эмланиши режалаштирилмоқда.
ССВ: 1-апрелдан оммавий тадбирлар ўтказишга айрим чекловлар ўрнатилади
Вакцина олишдан нега хавфсираш керак эмас, эмлангандан кейин қандай қоидаларга амал қилиш муҳимлиги ҳақида Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармасининг иммунопрофилактика бўлими мудири, врач эпидемиолог Вазира Муталова сўзлаб берди.

- Вазира Мўминовна, Ўзбекистон пойтахти вакцинация жараёнига тайёрми?

- Албатта. Республика миқёсида олиб борилган бу тайёргарлик. Жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам аҳоли орасида коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирларини амалга ошириш учун тайёргарлик жараёнлари давом этмоқда.
Биринчи апрелдан оммавий вакцинация бошланади
Мана, ҳозирги кунда республикамизга 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси келтирилган. Жумладан, вакцинанинг 86,9 минг дозаси Тошкент шаҳри аҳолисида эмлаш ишларини амалга ошириш учун ажратилган.
Айтиш жоизки, вакциналарни сақлаш, ташиш, уларни транспортировка қилишнинг ўзига хос тартиблари бор. Улар алоҳида ҳарорат режимида сақлашни талаб этади. Шунинг учун ҳам республикамизда бугунги кунда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоят, шаҳар, туман босқичларида барчасида вакцина сақлаш омборхоналари келтириладиган вакциналарни қабул қилишга тайёр ҳолатга келтирилган.
Место хранения вакцин
2020 йилда барча ушбу вакцина сақлаш омборхоналари қайта қурилган ёки реконструкция қилиниб, уларда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шу билан бир қаторда вилоят ва шаҳар вакцина сақлаш омборхоналарида янги, катта ҳажмли камералар билан таъминланган.
Хусусан, бизнинг Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳам иккита катта ҳажмли (30 кубометрли) камера билан жиҳозланди.
Место хранения вакцин
Жорий йилнинг февралигача барча вакцина сақлаш омборхоналари вакцина сақлашга мўлжалланган Авторефрижераторлар, минивэн автомобиллари билан ҳам таъминланди.
Шу билан бир қаторда оилавий поликлиникалар, эмлаш пунктларига қўшимча равишда совутгичлар етказиб берилди. Улар вакцинани ташишга мўлжалланган термосумкалар билан таъминланди.

Ҳозирда Тошкент шаҳрининг ўзида 210 та вақтинчалик эмлаш пунктлари ташкил этилди. Уларда 191та эмлаш мобил бригадаларимиз жамланди. Ҳар битта эмлаш бригадамизнинг ўзида: эмлаш жараёнига келган фуқарони тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифокор, вакцинани амалга ошириш учун вакцинатор ҳамда унинг дублери, жараённи рўйхатга олиб туриш учун регистлартордан иборат эмлаш бригадаларини ташкил этганмиз.

Ҳозирги кунда қабул қилиб олинаётган вакциналар Тошкент шаҳар вакцина сақлаш омборхонасида сақланмоқда. Қабул қилинган вакциналарнинг барча вилоятлар бўйича тақсимотлари тайёрланган.
Вакцина билан эмлаш жараёни бошланишидан бир кун аввал бу вакциналар туман санэпид осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлимлари томонидан биздан олиб кетилади ва эмлаш жараёнларини амалга оширадиган оилавий поликлиникаларга етказиб берилади.

- AstraZeneca атрофидаги баҳс-мунозараларга қандай фикр билдирасиз?

- Ҳақиқатан, бугун аҳоли ўртасида ушбу вакцина атрофида турли миш-мишлар авж олган. Кўплари бу вакцинани олмаслик ҳақида ўйлаб қолишган, ҳатто. Мени фикримча, умуман вакцина олишдан хавфсирамаслик керак, аксинча, олмасликнинг хавфи ҳақида ўйлаб кўрган маъқул.
Мисол келтирадиган бўлсам, бугун 16 ёшгача бўлган болалар 13 хил юқумли касалликка қарши режали равишда эмланиб келинади. Эмлаш туфайли бугунги кунда республикаизда полиомиелит касаллиги қайд этилаётгани йўқ, гепатит B касаллиги қайд этилаётгани йўқ, кўкйўтал касаллиги саноқли ҳолатда қайд этилишига эришилган.
Бу касалликлардан ўлим ҳолатлари қайд этилаётгани йўқ.
Вакциналар айнан аҳоли саломатлигини асраш учун ишлаб чиқарилган.

- Коронавирусга қарши вакциналар хавфсиз демоқчисизда?

- Ўзбекистон Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан самарадорлиги тан олинган, хавфсизлиги кафолатланган ва фавқулодда ҳолатларда коронавирус касаллигига қарши эмлаш учун ишлатишга тавсия этилган вакциналардан фойдаланади.

- Вазира Мўминовна, COVID-19га қарши эмлаш тадбирлари Ўзбекистонда апрел ойи бошида бошланиши эълон қилинди. Биринчи галда аҳолининг 20 фоизи эмланиши айтилган эди. Улар кимлар?

- Дастлаб, республикага олиб келинадиган вакцина чекланган миқдордалиги боис, барчани эмлаш имкони бўлмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан, аҳоли касалликни юқтириб олиш хавфига қараб тоифаларга бўлинган. Олиб келинган вакциналар билан эмлаш ҳам шу кетма-кетликда амалга оширилади.
Ҳеч қандай хорижий вакцина бу даражада ҳимоя қилиш қобилиятига эга эмас - Путин
Унга мувофиқ:
Юқиш хавфи жуда юқори бўлганлар: 65 ёшдан катта бўлганлар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлар билан диспансер назоратида турувчилар;
Юқори хавф остида бўлганлар: Қуролли кучлар ва ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари ходимлари, журналистлар, блогерлар, ОАВ ходимлари, транспорт ходимлари (метро, темир йўл, аэропорт), мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда хизмат қилаётган ходимлар, чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, меҳнат мигрантлари кетма-кетликда эмланиши режалаштирилмоқда. Шундан кейин аста-секин аҳолининг бошқа қатламлари ҳам қамраб олинади.
Ҳозирги кунда эмланувчи контингентнинг электрон рўйхати шакллантирилмоқда ва биринчи галда эмланувчилар жадвал асосида оилавий поликлиникаларга таклиф этилади.

- Кимлар эмланмайди? Кимга монеъликлар бор?

- Эмлаш жараёнида оилавий шифокор томонидан вакциналаш учун келган фуқаро, албатта, тиббий кўрикдан ўтказилади. Бунда авваламбор фуқаронинг соғлиғига: унда ҳароратнинг йўқлиги, қон босимининг нормал ҳолатда бўлишига эътибор берилади. Агар эмланувчида доривор воситаларга кучли аллергия кузатилган бўлса, у ҳолда вакциналашга тиббий чеклов берилади.
Шу билан бир қаторда, кўрик пайтида киши ҳарорати юқори бўлса, соматик ёки юқумли касаллик симптомлари юзага чиққан пайтда ҳам тиббий чеклов берилади.
“Спутник V” дунёда энг кўп одамлар биладиган вакцина деб эътироф этилди
Шу жумладан, ОИВ инфекциясига чалинган ва аутоиммун касалликларига чалинган шахсларни, шу жумладан, анамнезида оғир аллергик реакциялари мавжуд бўлган шахсларни, 18 ёшгача бўлганларни, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни эмлаш тавсия этилмайди.
Умуман олганда, эмлаш тадбирларини амалга ошириш пайтида ушбу вакцинани ишлаб чиқарган ташкилотнинг тавсияларига амал қилинади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам эмлаш тўғрисидаги қарор тиббий кўрик натижасида қабул қилинади.

- Ўзбекистонда коронавирус касаллиги қайд этилиши давом этяпти. Бундай беморлар билан яқин мулоқотда бўлганларни эмлаш мумкинми?

- Бундай тоифадаги кишилар 14 кунлик карантин тадбирлари тугамагунча эмланмайди. Ундан кейин агар у соғлом эканлиги аниқланса, эмланиши мумкин.
Ҳозирги кунда мен ўтган йил ёки 6 ой аввал коронавирус касаллигини бошдан кечирганман, мени организмимда бу инфекцияга қарши курашувчи антитаначалар бор, шу боис, вакцина олишим шарт эмас, дея ўзига-ўзи хулоса чиқараётган фуқароларимиз ҳам бор.
Аммо COVID-19 билан боғлиқ хавфларнинг юқорилиги ва у билан касалланиш эҳтимолининг борлиги сабабли, ушбу касаллик билан аввал касалланган бўлишидан қатъий назар эмланиш шарт.

- Эмлангандан кейин қандай тавсиялар берасизлар?

- Фуқаро эмлангандан кейин 3 кун давомида сауна қабул қилиши керак эмас, аччиқ ва шўр маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳам таъқиқланади.
Умуман олганда, коронавирусга қарши эмланган шахслар патронаж тиббиёт ходимлари томонидан эмлангандан сўнг 30 дақиқа давомида кузатиб турилади, кейинчалик уч кун давомида уйига ташриф буюриш йўли билан мунтазам назоратда бўлиб, уларнинг соғлиғи, аҳволи кўздан кечирилади. Аллергик реакция кузатилган ҳолларда тез тиббий ёрдам бригадалари жалб этилади.