Нега Ўзбекистонлик талабаларга Россияга киришга рухсат берилмаяпти

Бир неча кун олдин 25 давлат талаба ва аспиратнларига Россия ҳудудига киришга рухсат берилган эди, лекин Ўзбекистон ва Тожикистон улар қаторига киритилмаган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Россия Давлат Думасининг Таълим бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Любовь Духанина Sputnikка Ўзбекистон ва Тожикистонлик талабалар нима сабабдан ҳозирча Россияга кира олмасликларига изоҳ берди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Россия ҳукумати 25та давлат талаба ва аспиратнларига Россия ҳудудига киришга рухсат берган эди. Хабарда айтилишига кўра, бу Роспотребнадзор хулосасига кўра амалга оширилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон улар қаторига киритилмаган эди.
Любовь Духанина айтишига кўра, бунга сабаб “нафақат бир суткада касалланаётган кишилар сони, балким мамлакатда коронавирус профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг умумий аҳволи ҳам ҳисобга олинган”.
Роспотребнадзор доимий равишда Россияга талабалар кириши мумкин бўлган давлатлар рўйхатини доимий равишда янгилаб туришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бугунги кунда республикада жами 81 446 киши коронавирус билан касалланган. Улардан 79 884 киши тузалиб кетган, 622 – вафот этган. Сўнгги куткада касалланганлар сони 107 кишини ташкил қилган.