ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Бухорода 17 нафар фуқарога сохта авиачипталар тайёрлаб берган фирибгарлар устидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Маълум қилинишича, С.С. ва С.Р. 17 нафар фуқарони алдаб, Россия ҳудудига киришга рухсат этувчи ҳужжатларни танишлари орқали олиб беришга ишонтирган. Ҳар биридан 1 300 доллар олиб, “Бухоро-Москва” (Жуковский аэропорти) чартер авиарейсига сохта чипталарни тайёрлаб берган. Шу тариқа улар 22 100 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фирибгарликда гумон қилинаётган ушбу шахслар қўлга олинган.
Мазкур ҳолат Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.